CENTER FOR ECONOMIC RESEARCH

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2022 йил учун Ўзбекистон ЯИМнинг прогноз қилинган реал ўсиш суръатларини янгилади

 «Ноукастинг» ёндашувига асосланган истиқбол модели ИТИМ томонидан 2021 йилдан бери қўлланилиб келмоқда ва Ялпи ички маҳсулотнинг чораклик кўрсаткичларида аниқлаб бўлмайдиган алоҳида жиҳатларини очиб беришга имкон беради

2022 йилнинг учинчи чорагида ҳафталик ЯИМ динамикасининг ўсиш тенденцияси давом этиб келмоқда. Бундай ҳолат жорий йилнинг иккинчи чорагида ҳам кузатилганди. 2022 йил 3 ва 4 чоракларида ўсиш тенденциясининг ортиб бориши 1-ярим йиллик кўрсаткичларига нисбатан йиллик ҳисобда ЯИМнинг камида 0,75%га ошишига олиб келиши кутилмоқда.

1-чоракдаги сезиларли пасайишдан кейин иқтисодиётнинг тикланиши ташқи савдо айланмаси ҳажмининг ўсиши, хизмат кўрсатиш соҳасида ишбилармонлик фаоллиги ва давлат ёрдамининг ошганлиги билан боғлиқ.  Хусусан, товар ва хизматлар ташқи савдо айланмаси август ва сентябр ойларида мос равишда 14% ва 12%га ошди.  Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам фаоллик сезиларли даражада ошди, буни “бизнес ва саноат” (14,5%га ўсиш) ва “дам олиш ва ҳордиқ” (9,7%) каби тоифалар бўйича интернет сўровлари кўпайгани кўрсатмоқда.

Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, 3-чорак якуни бўйича ЯИМ ўсиш прогнози 5,81%ни ташкил этмоқда (прогноз диапазони 5,78%-5,83% даражасида белгиланди).  Шу билан бирга, марказ прогнозига кўра, қисқа муддатда иқтисодий ўсишда сезиларли тебранишлар кутилмаяпти, чунки фундаментал иқтисодий омиллар барқарорлигича қолмоқда.

4-чоракда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари 2022-йилнинг 3-чораги даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда.  Жорий йилнинг август ойида 2022-йил учун марказ томонидан эълон қилинган аввалги ЯИМ ўсиши прогнози 5,77% эди.

...