Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида энг юқори ишбилармонлик фаоллиги кузатилди (+инфографика)

Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида ишбилармонлик фаоллиги таҳлили ҳар ойда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тезкор маълумотлар асосида (республиканинг барча соҳалари бўйича ўтказилган мониторинг, Давлат божхона қўмитаси, ДСҚ, МБ ва ЎзРХТБ) ҳисоблаб чиқилади.

Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг январь ойида республика солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,3%га ошган.

Жумладан, Жиззах (47,9%), Навоий (29,4%), Самарқанд (27,1%), Андижон (19,0%) ва Тошкент (18,6%), вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикасида (19,7%) ва Тошкент шаҳрида (28,7%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, мамлакатда 2023 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС ставкасининг 15%дан 12%га туширилиши ва об-ҳаво инқирозига (январь ойининг ўрталарида об-ҳаво кескин совуб кетгани туфайли ишлаб чиқариш объектларида электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги узилишларга) қарамай, солиқ тушумлари ўртача даражада ошди.

Таҳлилларга кўра, мамлакатда 2023 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС ставкасининг 15%дан 12%га туширилиши ва об-ҳаво инқирози, январь ойининг ўрталарида об-ҳаво кескин совуб кетгани туфайли ишлаб чиқариш объектларида электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги узилишларга қарамай, солиқ тушумлари ўртача даражада ошди.

Бундан ташқари, солиқ тушумлари манбалари бўйича ҚҚС 20%га, даромад солиғи тушумлари 15%га, мол-мулк солиғи 37%га, ер солиғи 38%га ошди, бу эса ой охиригача ўртача ўсишни қўллаб-қувватлашга имкон беради.

Таҳлил қилинаётган даврда божхона тўловлари бўйича тушумлар 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 28,9%га ошди. Божхона тушумларининг энг катта ўсиши Сурхандарё (73,9%), Самарқанд (43,1%), Тошкент (34,2%), Наманган (34,0%) ва Фарғона (10,9%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (73,8%) ва Тошкент шаҳрида (59,5%) кузатилди.

Божхона тўловларидан тушадиган даромадларнинг ўсишига таъсир кўрсатган асосий омиллар 2023 йил январь ойида импортнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 42,3 фоизга ўсиши бўлди.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йил бошидан 31 январга қадар товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,6%га пасайган. Экспортнинг сезиларли камайиши Сурхондарё (-40,1%), Бухоро (-27,8%), Жиззах (-19,3%), Тошкент (17,8%), Наманган (9,8%), Самарқанд (9,3%) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (-41,2%) кузатилди.

Экспорт ҳажмининг камайиши Сурхондарё вилоятида ип-калава ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти, Бухоро вилоятида – пахта толасининг ички бозорга йўналиши, Жиззах, Фарғона ва Наманган вилоятларида ип-калава экспорти, Тошкент вилоятида металл ва ундан тайёрланган маҳсулотлар экспорти камайган, Самарқанд вилоятида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти камайган, Қорақалпоғистон Республикасида эса пластмасса ва ип-калава экспорт ҳажми қисқарди.

Экспортнинг сезиларли ўсиши Навоий (70,5%), Сирдарё (55,5%), Хоразм (23,6%), Андижон (9,2%), Қашқадарё (7,6%) вилоятларида ва Тошкент (5,7%) шаҳарида кузатилди.

Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари ошгани билан изоҳланади.

Жорий йилнинг 1 январидан 31 январигача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,8%га ошди.

Кредитлар бериш ҳажми Тошкент (102,3%), Сирдарё (73,5%), Хоразм (71,4%), Фарғона (44,6%) вилоятларида, Қорақалпоғистон Республикаси (17,8%) ва Тошкент шаҳарида (32,7%) сезиларли даражада ошгани қайд этилди.

Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасида амалга оширилган битимлар ҳажми 32,1%га ўсди. Биржа фаолиятининг сезиларли ўсиши Қашқадарё (93,2%), Сирдарё (86,2%), Самарқанд (67,0%), Хоразм (62,8%) вилоятларида Қорақалпоғистон Республикасида (68,2%) ва Тошкент (28,5%) шаҳрида кузатилди.

Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши суюлтирилган газ, минерал ўғитлар, техник чигит, автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қурилиш ва хўжалик материаллари, ўсимлик ёғи, буғдой уни, буғдой, шакар, пахта толаси, қора ва рангли металлар, полиэтилен ва бошқа маҳсулотлар савдосининг кўпайиши ҳисобидан эришилган.

Таҳлил қилинаётган даврда 6 046 та янги хўжалик юритувчи субъектлар ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Фарғона (553), Тошкент (513), Самарқанд (469), Хоразм (453), Бухоро (402) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (1 362) рўйхатга олинган.

Муҳаммаджон Рашидов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази