CENTER FOR ECONOMIC RESEARCH

ТДТ мамлакатларида транспорт ва логистика тизимларини рақамлаштириш

 

Йиғилишда сўзга чиққан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директори Обид Ҳакимов туркий мамлакатларнинг транспорт-логистика соҳасида амалий ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ушбу йўналиш қабул қилинган “Туркий дунё нигоҳи - 2040” стратегик ҳужжатида алоҳида ўрин тутади. Бундан ташқари, асосий эътибор мамлакатлар транспорт боғлиқлигини таъминлаш, божхона ва транспорт тартибларини соддалаштириш, шу жумладан, рақамлаштириш орқали соддалаштиришга қаратилмоқда.

Марказ раҳбари ТДТ мамлакатлари билан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришни белгиловчи асосий омилларни санаб ўтди.

— Ўзбекистон ТДТ мамлакатлари билан транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта аҳамият бермоқда. Бу бир неча омилларга боғлиқ:

Бугунда Ўзбекистоннинг экспорт-импорт ва транзит алоқалари 9 та халқаро транспорт йўлаклари бўйлаб амалга оширилмоқда, улардан 8 таси камида битта ТДТга аъзо мамлакат орқали ўтади

Ўзбекистон билан чегарадош 5 мамлакатдан 2 таси ТДТ аъзоси (Қозоғистон ва Қирғизистон) ва 1 давлат кузатувчи мақомига эга (Туркманистон);

Марказий Осиё мамлакатлари Шимол-Жануб ва Шарқ-Ғарб йўналишлари кесишувида Марказий Осиё минтақасининг асосий транспорт хаби сифатида ҳал қилувчи бўғинлари ҳисобланади;

Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари дунё океанига чиқиш имконига эга эмас. Бундан ташқари, Ўзбекистон жаҳоннинг океанлардан икки карра узилган 2 та давлатидан бири бўлиб, бу эса транспорт харажатларини сезиларли даражада оширади;

Тадқиқотлар шуни кўрсатамоқдаки, денгизга чиқиш имконига эга бўлмаган мамлакатлар транспорт хизматларига ҳақ тўлаш учун икки баравар кўп маблағ сарфлайди. Кўп ҳолларда Марказий Осиё мамлакатлари учун транспорт харажатлари импорт қилинадиган товарлар қийматининг 60 фоизига етади.

Халқаро юк ташувлари соҳасида сўз борар экан, транспорт тизимларини интеграциялаш ва логистикани рақамлаштириш бўйича бир қатор халқаро дастурларда иштирок этаётгани таъкидланди. Бутун минтақавий юк ташувларининг тахминан 11 фоизи ўтадиган минтақавий темир йўлларнинг қарийб 18 фоизи Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб ўтади.

Марказ директори ўз маърузасида “Янги Ўзбекистон” стратегиясида ташқи савдони амалга ошириш учун транспорт тизимида “рақамли йўлаклар” ва транзит имкониятларини кенгайтириш, шунингдек транзит юк ташиш ҳажмини ошириш кўзда тутилганлигини таъкидлади.

“Янги Ўзбекистон” стратегиясида транспорт-логистика хизматлари экспортини кўпайтириш мақсадида транспорт тизимида “рақамли йўлаклар” ва транзит имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, “Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар” ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўл линиялари қурилишини амалга оширишда транзит юк ташиш ҳажмини 15 млн. тоннагача ошириш кўзда тутилган.

Обид Ҳакимов ўз нутқида Ўзбекистон ва ТДТ давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди ва рақамлаштиришнинг ижобий самарасини қайд этди.

— Ўзбекистон 2021 йилда Истанбул саммитида қабул қилинган “Туркий дунё нигоҳи - 2040” дастурий ҳужжатида акс этган транспорт ва транзит тартибларини рақамлаштириш вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга интилмоқда.

Яқин келажакда асосий эътибор ТДТга аъзо давлатларда транспорт ва транзит тартиб-қоидаларини осонлаштиришга, шу жумладан, замонавий рақамли технологиялардан фойдаланиш орқали енгиллаштиришга қаратилган. Гап биринчи навбатда, eTIR, ePermit ва eCMR тизимлари ҳақида кетмоқда.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “Рақамли ТИР” пилот лойиҳаси ишга туширилди ва март ойида ушбу лойиҳа Қирғизистонни ҳам қамраб олди.

Ташкилот дунёда биринчи марта Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ePermit лойиҳасини тест режимида ишга туширишга муваффақ бўлди, кейинги босқичда эса Қозоғистон билан ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув мавжуд.

Бундан ташқари, ТДТ мамлакатларида БМТнинг Европа бўйича иқтисодий комиссияси билан биргаликда eCMR воситасини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Эксперт, шунингдек, ТДТ мамлакатлари транспорт-логистика тизимларини рақамлаштириш бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини санаб ўтди. Унинг сўзларига кўра, ТДТ давлатларининг рақамли технологияларни жорий этишни кенгайтиришга интилиши рақамлаштириш соҳасида амалий ҳамкорликни янада ошириш, жумладан электрон минтақалараро савдо ва товар биржасини биргаликда ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун шароит яратади.

Хулоса қилиб айтганда, эксперт рақамли ечимларни интеграция қилиш Марказий Осиё мамлакатларини ТДТ мамлакатларини Хитой ва Жанубий Осиё минтақаси билан боғлаши мумкин бўлган қуруқлик кўпригига айлантиришга имкон беради, шунингдек, минтақа давлатларининг глобал таъминот занжирларига ва халқаро транзит юк ташувларига янада чуқурроқ интеграциялашувини таъминлашини таъкидлади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

...