ЮНЕСКО делегацияси билан учрашув
Жорий йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида ЮНЕСКО вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур делегациянинг юртимизга ташрифидан кўзланган асосий мақсади Ўзбекистонда инклюзив фан тизимини мустаҳкамлашга, технологиялар ва инновацияларга кўмаклашишдан иборат.
Учрашувда ЮНЕСКОнинг илм-фан, технология ва инновацион сиёсати бўйича (СТИ) маслаҳатчиси Сирин Эльчи, ЮНЕСКОнинг Олмаота бюросида СТИ сиёсати бўйича маслаҳатчиси Кристина Товмасян ҳамда СТИ бўйича маслаҳатчи Насиба Мухитдинова иштирок этишди.
Учрашувда Ўзбекистон томонидан Марказ директори Обид Хакимов, директор ўринбосари Умид Абидхажаев, бош илмий ходим Мухсинжон Холмухамедов ва биринчи ҳукумат акселератори бўйича бош илмий ходим Алишер Халмурзаев иштирок этишди. Меҳмонларга марказ фаолияти катта қизиқиш уйғотди ва Марказнинг асосий вазифалари ва фаолияти ҳамда биринчи ҳукумат Акселераторининг асосий йўналишлари билан танишди.
Шунингдек, Марказ директори меҳмонларга илмий ходимлар томонидан олиб борилаётган долзарб тадқиқотлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, ЕОИИ ва ЖСТ доирасида интеграция жараёнларининг таъсирини ва батафсил таҳлилини баҳолаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Ўз навбатида, ЮНЕСКО вакиллари Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жуда муҳим ва ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ижобий ҳал этишда СТИ билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоатчилик билан алоқалар хизмати