Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида Жаҳон банки миссияси билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 16 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида Жаҳон банки миссияси гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди. Сандип Маҳаджан (Жаҳон банкининг макроиқтисодий амалиёт, савдо ва сармоялар бўйича менежери) бошчилигидаги учрашув Жаҳон банки миссиясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.
Учрашув давомида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбарияти янги Марказнинг вазифалари ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, меҳмонларга тадқиқотчилар томонидан олиб борилаётган тадқиқот ишлари ҳақида маълумот берилди. Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) таркибидаги интеграция жараёнларининг таъсирини баҳолаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, аъзолик Ўзбекистон иқтисодиётининг муайян секторига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида таҳлилий ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.
Марказ мутахассислари Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолик бўлиши мумкин бўлган оқибатларига ўз баҳоларини тақдим этдилар, шунингдек, савдо сиёсатидаги ўзгаришларнинг Ўзбекистон макроиқтисодий кўрсаткичларига, алоҳида тармоқларга таъсири ҳақида сўз юритдилар. Ўз навбатида, Жаҳон банки миссияси аъзолари ушбу тадқиқотга алоҳида қизиқиш билдирди. Шу билан бирга, меҳмонлар Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жуда муҳим ва ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидладилар.
2017 йилда Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларнинг амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Маълумот учун: Жаҳон банки миссияси Ўзбекистонга ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг иккинчи тизимли мамлакат баҳосини (СДС-2) ва ислоҳотлар сиёсатини молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш учун учинчи лойиҳани (DPO-3) тайёрлашни бошлайди. СДС қашшоқликни камайтириш ва аҳолининг барча қатламлари фаровонлигини ошириш йўлидаги тўсиқлар ҳақида тўлиқ маълумот беради.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходимлари 2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларининг асосий йўналишлари: савдони эркинлаштириш, макроиқтисодий ва микроиқтисодий ривожланиш, макроиқтисодий сиёсат, инвестиция, инфратузилма ва минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, рақобатни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Учрашув якунида 2020 йилда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқотлар дастури асосида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар хизмати